عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

She that disputes [Al-Mujadila] - Uzbek translation - Alauddin Mansour

Surah She that disputes [Al-Mujadila] Ayah 22 Location Madanah Number 58

1. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир.

2. Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз, улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз, афв этгувчи ва мағфират қилгувчидир.

3. Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) (эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

4. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари — қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир.

5. Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқадиган кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинурлар. Дарвоқеъ, Биз очиқ-равшан оятлар нозил қилдик. (Мана шу оятларни инкор этгувчи) кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.

6. (Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (ҳаёти дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарса устида гувоҳдир.

7. Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингиз — билмадингизми! Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта У зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари бўлса), албатта У зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими, ё кўп бўладими, албатта У зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра, Қиёмат Кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.

8. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзаро шивир-шивирдан қайтарилганларидан сўнг яна ўзлари қайтарилган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қачон улар сизнинг олдингизга келсалар, сизга бир ибора билан салом берурларки, Аллоҳ сизга ўша (сўз) билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаяпти? (Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида, албатта Аллоҳ бизларни азобга гирифтор қилган бўлур эди)», дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам (азоб тўғрисида) кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)!

9. Эй мўминлар, сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганларингизда, гуноҳ ва зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар ҳузурига тўпланадиган Зот — Аллоҳдан қўрқинглар!

10. (Яҳудий ва мунофиқларнинг) ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотларни ғамгин қилиш учундир. (Лекин) у Аллоҳнинг изни-иродасисиз уларга бирон зиён етказа олгувчи эмасдир. Бас, мўминлар, ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар — суянсинлар!

11. Эй мўминлар, қачон сизларга (мажлис-суҳбатларда дўст-биродарларингиз келиб: «Бизларга ҳам шу мажлисдан) жой беринглар», дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам (Ўз жаннатидан) жой берур. Ва қачон «(ўринларингиздан) туринглар», дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

12. Эй мўминлар, қачон сизлар пайғамбар билан сирлашмоқ — суҳбатлашмоқни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан (камбағал-мискинларга) бирон хайр-садақа тақдим этинглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва (гуноҳларингизни) поклагувчироқдир. Энди агар (садақа қилгудек нарса) топа олмасангизлар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

13. Суҳбатларингиз олдидан хайр-садақалар тақдим этишдан (камбағал бўлиб қоламиз, деб) қўрқдингларми? Бас, сизлар (хайр-садақа) қилмаган экансизлар ва Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилган экан, энди намозни тўкис адо этинглар ва закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

14. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни, мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни, яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида, («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар.

15. Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир! Дарҳақиқат, уларнинг қилган амаллари нақадар ёмондир!

16. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилгувчи азоб бордир!

17. Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ томонидан (бўладиган) бирон нарсани-азобни улардан дафъ қила олмас. Улар дўзах эгаларидир. Улар, ўша жойда мангу қолгувчидирлар!

18. У Кунда (яъни, Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларини (шу ёлғон қасамлари сабабли) бирон (фойда) устида деб ҳисобларлар. Огоҳ бўлингизким, албатта улар ғирт ёлғончи кимсалардир!

19. Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳни эслашни унуттирди. Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон ҳизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўргувчилардир.

20. Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар — ана ўшалар энг хор кимсалар қаторидадирлар!

21. Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): «шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир.

22. Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ — Қуръон билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!