عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

The Ranks [As-Saff] - Uzbek translation - Alauddin Mansour

Surah The Ranks [As-Saff] Ayah 14 Location Madanah Number 61

1. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.

2. Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!

3. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).

4. Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар.

5. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, нега сизлар мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканлигимни билган ҳолларингизда менга озор берурсизлар?!», деган эди. Бас, қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан), Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

6. Эсланг, Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас, қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар.

7. Ўзи Исломга даъват қилинаётган ҳолида, (у даъватни қабул қилиш ўрнига) Аллоҳ шаънига («У зотнинг боласи бор, шериклари ҳам бор», деб, ёки Аллоҳнинг оят-мўьжизаларини «Бу сеҳр», деб) ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!

8. Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни, динини) тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйгувчидир.

9. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир.

10. Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми?

11. (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир.

12. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир.

13. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй бергувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!

14. Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз! — Ийсо бинни Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни, Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлур?», деганида, ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз». Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Ийсога) иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар.