عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

Joseph [Yusuf] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center

Surah Joseph [Yusuf] Ayah 111 Location Maccah Number 12

Алиф, Лом, Ро. Ушбулар Аниқ Китоб оятларидир.

Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик. Шоядки, ақл юритсангизлар.

Биз сизга мана шу Қуръонни ваҳий қилиш билан энг гўзал қиссани айтиб берамиз. Бундан олдин сиз ундан бехабар эдингиз.

Ўшанда Юсуф отасига деди: «Эй отажон, мен ўн бир юлдузни, қуёш ва ойни кўрдим. Уларни менга сажда қилаётганларини кўрдим».

Деди: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айта кўрма. Тағин сенга бирон ҳийла қилиб юрмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ душмандир».

Парвардигоринг сени мана шундай танлаб олади. Сенга тушларнинг таъбирини ўргатади. Олдинги боболаринг Иброҳим ва Исҳоққа неъматини тўла қилиб берганидек, сенга ва Яъқуб оиласига ҳам тўла қилиб беради. Албатта, Парвардигоринг Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.

Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўрагувчилар учун оятлар бордир.

Ўшанда дедилар: «Юсуф ва унинг укаси отамиз учун биздан севимлироқдир. Ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ залолатдадир».

«Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар. Шунда отангизнинг юзи ўзингизга қолар. Кейин яхши қавм бўлиб олаверасизлар».

Улардан бири деди: «Юсуфни ўлдирманглар. Бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, бирон йўловчи олиб кетади».

Дедилар: «Эй ота, нима учун Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз унга ғамхўрмиз-ку».

«Эртага уни биз билан юбор. Ўйнаб, яйраб келсин. Биз уни ҳимоя қилиб юрамиз».

Деди: «Уни олиб кетишинглар мени хафа қилади. Сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқаман».

Дедилар: «Биз кўпчилик бўла туриб, уни бўри еб кетса, демак, биз зиён кўргувчилар эканмиз».

Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, Биз унга шундай ваҳий қилдик: «Сен, албатта, уларга бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан, ўшанда улар сени сезмайдилар ҳам».

Кечга бориб, оталарининг олдига йиғлаб келдилар.

Дедилар: «Эй ота, Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам бизга барибир ишонмайсан».

Унинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келдилар. Деди: «Йўқ, сизларга ҳавойи нафсингиз ишни безаб кўрсатган. Энди чиройли сабр(дан бошқа чорам йўқ). Сизлар васф этаётган бу ишда ёрдам сўраладиган Зот Аллоҳдир».

Йўловчилар келиб, сувчини сувга юбордилар. У челагини қудуққа ташлаганди. (Унга Юсуф осилиб чиқди). Деди: «Суюнчи! Бу бола-ку!» Уни бир нарса сифатида яшириб қўйдилар. Аллоҳ улар қилаётган ишни Билгувчидир.

Уни арзон баҳога, бир неча дирҳамларга сотиб юбордилар. Улар унга қизиқмаган эдилар.

Уни Мисрда сотиб олган (одам) хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд, бизга фойдаси тегиб қолса ёки бола қилиб олсак», – деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни ўша ерга жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида Ғолибдир. Лекин кўп одамлар буни билмаслар.

Вояга етгач, унга ҳикмат ва илм бердик. Ишни пухта бажарувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

У уйида бўлган аёл уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб: «Келақол», деди. (Юсуф) деди: «Аллоҳ асрасин. Ахир у менга яхши жой қилиб берган хожам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар».

Аёл унга интилди. Парвардигорининг очиқ ҳужжатини кўрмаганида у ҳам аёлга интилган бўларди. Уни ёмонлик ва бузуқликдан қайтариш учун мана шундай қилдик. У Бизнинг солиҳ бандаларимиздандир.

Эшик томон чопишдилар. Аёл унинг кўйлагини орқа тарафидан йиртиб юборди. Эшик олдида аёлнинг хожасига дуч келдилар. Аёл деди: «Сенинг оилангга ёмонлик қилмоқчи бўлганнинг жазоси фақатгина зиндон ёки аламли азобдир».

Деди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». Аёлнинг оиласидан бир гувоҳ шундай гувоҳлик берди: «Кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, демак, аёл рост гапирган, у эса ёлғончилардандир».

«Кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, аёл ёлғон гапирибди. У эса ростгўйлардандир».

Кўйлаги орқа томондан йиртилганини кўргач, деди: «Бу сизларнинг макрингиздандир. Албатта, макрингиз зўрдир».

Эй Юсуф, бу ишни унут. Сен эса (эй аёл), гуноҳингга истиғфор айт. Албатта, сен хато қилгувчилардан бўлдинг.

Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг аёли ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта, биз уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар.

Аёлларнинг ғийбатларини эшитгач, уларга одам юборди ва суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ», деди. Уни кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолдилар ва қўлларини кеса бошладилар. (Ҳайратланиб): «Ё Аллоҳ, ахир бу одам эмас, ғирт фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар.

Деди: «Мени мана шу (бола) борасида маломат қилгандинглар. Мен уни йўлдан урмоқчи бўлдим. Лекин у ўзини асради. Шу ишни қилмаса, фармон бераман, у қамалади ва хор бўлади».

Деди: «Парвардигорим, мен учун булар чорлаётган ишдан кўра зиндон яхшироқ. Уларнинг найрангларини мендан нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, нодонлардан бўлиб қолурман».

Бас, Парвардигори унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У Эшитгувчи, Билгувчи Зотдир.

Сўнгра оят-аломатларни кўрганларидан кейин уни бир муддат қамаб туриш уларга маъқул кўринди.

Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири деди: «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман». Бошқаси эса: «Мен бошим устида нон кўтариб турганмишман, қушлар ундан чўқиётган эмишлар. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб бер. Сенинг яхши ишлар қилувчи одам эканингни кўриб турибмиз», деди.

Деди: «Сизларга ризқ бўлиб келадиган таомнинг қандайлигини келишидан олдин айтиб бера оламан. Бу иш менга Парвардигорим билдирган нарсалардандир. Мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга батамом кофир бўлган қавмнинг динини тарк қилганман».

Боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб динига эргашганман. Биз учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмас. Бу Аллоҳнинг бизга ва одамларга кўрсатган фазлу марҳаматидандир. Лекин кўп одамлар шукр қилмайдилар.

Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман худолар яхшими ёки Ягона ва Ғолиб Аллоҳми?

Сизлар Уни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмлардан бошқа нарсага ибодат қилмайсизлар. Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилган эмас. Ҳукм фақат Аллоҳники. Унгагина ибодат қилишингизни буюрган. Тўғри дин мана шу. Лекин кўп одамлар билмайдилар.

Эй ҳамзиндон дўстларим, бирингиз хожасига соқийлик қилади. Бошқангиз эса осилади ва унинг бошидан қушлар чўқийдилар. Сизлар сўраган иш ҳукм (тақдир) қилингандир.

Иккисидан нажот топадигани деб ўйлаганига: «Мени хожанг олдида ёдга ол», деди. Шайтон унга хожаси олдида ёдга олишни унуттирди. Бас, зиндонда яна бир неча йил қолиб кетди.

Подшоҳ деди: «Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрдим. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини айтадиган бўлсангиз, менга тушимнинг таъбирини айтинг».

Дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар. Биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз».

Иккисидан нажот топгани бир муддатдан кейин эсига келиб: «Унинг таъбирини мен айтаман, мени юборинглар», деди.

Деди: «Юсуф, эй ростгўй йигит, етти ориқ сигирнинг етти семиз сигирни егани, етти яшил бошоқ ва шунча қуриганлари ҳақидаги (туш) таъбирини бизга айтиб бер. Шояд, одамларга қайтиб бориб (уларга айтсам) ва улар билсалар».

Деди: «Кетма-кет етти йил дон экинглар. Ҳосилини бошоғида қолдиринглар. Ўзингиз ейдиган озгина қисми бундан мустасно».

«Мана шундан кейин етти йил қаҳатчилик келиб, тайёрлаб қўйган ҳосилингизни ейди. Фақат озгина асраб қўйганингизгина қолади».

Ўшандан кейин шундай йил келадики, унда одамлар учун сероб ёмғир ёғади ва (меваларни) сиқадилар.

Подшоҳ: «Уни олдимга олиб келинглар», деди. Элчи унинг олдига келгач, у деди: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, ундан қўлларини кесган аёллар аҳволи нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир».

Деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди?» Дедилар: «Аллоҳ асрасин! Биз унда бирон ёмонликни кўрмаганмиз». Азизнинг хотини деди: «Энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У, шак-шубҳасиз, ростгўйлардандир».

Бу (гапни айтишимнинг сабаби) мен унга йўқлигида хиёнат қилмаганимни билиб қўйиши учундир. Аллоҳ хоинларнинг макрига йўл бермас.

«Мен нафсимни оқламайман. Нафс ёмонликка буюргувчидир. Парвардигорим раҳм қилган ҳолатгина бундан мустасно. Парвардигорим Кечиргувчи, Меҳрибон Зотдир».

Подшоҳ деди: «Уни ҳузуримга олиб келинглар, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб оламан». У билан сўзлашгач: «Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан», деди.

Деди: «Мени ер хазиналари устидан (масъул) қилиб қўй. Мен сақловчи ва билимлиман».

Шундай қилиб, Юсуфни (Миср) ерида имкониятли одамга айлантирдик. У ўзи хоҳлаган ерда яшайдиган бўлди. Биз марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган одамга етказурмиз ва гўзал амал қилгувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз.

Иймон келтирган ва тақводор бўлганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқдир.

Юсуфнинг ака-укалари келиб, унинг олдига кирдилар. (Юсуф) уларни таниди. Улар эса (Юсуфни) танимадилар.

Уларнинг ишларини битириб бергач: «Ота бир укангизни ҳам менинг олдимга олиб келинглар. Менинг ўлчовни тўла қилиб бераётганимни ва яхши мезбон эканимни кўрмаяпсизларми?» - деди.

«Агар уни олиб келмасангизлар, менда сизларга берадиган ҳеч нарса йўқ ва менга яқин ҳам келманглар».

Дедилар: «Уни отасидан сўраб кўрамиз. Бу ишни бажарамиз».

У йигитларига деди: «Уларнинг нарсаларини юклари ичига солиб қўйинглар. Шояд, уйларига борганларида уларни таниб, қайтиб келсалар».

Оталари ёнига қайтгач: «Отажон, укамизни биз билан юбормасанг, бизга озиқ-овқат берилмайдиган бўлди. Биз уни асраб-авайлагувчилармиз», дедилар.

Деди: «Уни сизларга илгари акасини ишониб топширганимдек, ишониб топширайми? Сақлагувчилик борасида Аллоҳ яхшироқдир. У меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир».

Юкларини очишгач, нарсалари ўзларига қайтарилганини кўрдилар. Дедилар: «Отажон, бундан ортиқ яна нима истаймиз? Нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди. Оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз. Укамизни асраб-авайлаймиз. Яна бир туя юкни ортиқроқ олурмиз. Бу озгина нарсадир».

Деди: «Уни албатта қайтариб олиб келишингиз ҳақида Аллоҳ номига онт ичмагунингизча уни сизлар билан бирга юбормайман. (Ҳалокатга) ўралиб қолишингиз бундан мустасно». Улар онт ичишгач, деди: «Айтаётган гапларимизга Аллоҳ Вакилдир».

Деди: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар. Ҳар хил эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм қилиш ёлғиз Аллоҳники. Унгагина таяндим. Таянадиганлар Унгагина таянсинлар».

Улар оталари буюрган тарафдан кирганларида ҳам бу ишлари Аллоҳ тарафидан бўлган бирон ишни қайтара олмас эди. Бу фақат Яъқубнинг кўнглидаги бир эҳтиёж эдики, ўшани амалга ошириб қўйганди, холос. Биз унга таълим берганимиз туфайли у билимдон эди. Лекин кўп одамлар билмайдилар.

Юсуфнинг олдига кирганларида у укасига ёнидан жой бериб: «Мен сенинг акангман. Уларнинг қилган ишларидан хафа бўлма», деди.

Уларнинг ҳожатини чиқаргач, укасининг юкига бир идишни солиб қўйди. Кейин жарчи: «Эй карвон, сизлар ўғрисизлар», деб жар солди.

Улар (жарчиларга) қараб: «Нимани йўқотдинглар?» - дедилар.

Дедилар: «Подшоҳнинг идишини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк. Мен шунга вакилман».

Дедилар: «Аллоҳга қасамки, билиб турибсизлар, биз бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганмиз ва биз ўғрилар ҳам эмасмиз».

Дедилар: «Агар ёлғончи бўлиб чиқсангиз, унинг жазоси нима?»

Дедилар: «Кимнинг юкидан топилса, ўша жазоланур. Ўша унинг жазосидир. Биз золимларни мана шундай жазолаймиз».

Укасининг идишидан олдин бошқаларнинг идишидан бошлади. Кейин уни укасининг идишидан чиқариб олди. Биз Юсуф учун мана шундай ҳийла қилдик. Подшоҳнинг дини бўйича укасини олиб қола олмас эди. Аллоҳнинг хоҳлагани бўлиши бундан мустасно. Биз Ўзимиз истаган одамнинг даражаларини юксалтирамиз. Ҳар бир илм эгаси устида бир билимдонроқ бор.

Дедилар: «У ўғирлаган бўлса, олдин унинг акаси ҳам ўғирлаган эди». Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди. Уларга ошкор қилмади. Деди: «Сизлар ёмон-тубан мартабададирсизлар. Аллоҳ сизлар васф этаётган ишни яхши Билгувчи Зотдир».

Дедилар: «Эй Азиз, унинг бир кекса отаси бор. Унинг ўрнига биронтамизни олиб қол. Сенинг ишни чиройли қиладиган (яхши одам) эканингни кўриб турибмиз».

Деди: «Нарсамизни кимдан топиб олган бўлсак, ўшани олиб қоламиз. Ундан бошқани олиб қолишдан Аллоҳ асрасин. У ҳолда золимлар бўлиб қоламиз».

Ундан умидлари узилгач, яширинча маслаҳатлашдилар. Катталари деди: «Отангиз сизлардан Аллоҳни ўртага қўйиб аҳд олганини билмайсизларми? Олдинроқ Юсуф борасида ҳам хатога йўл қўйган эдингизлар. Энди мен то отам рухсат бермагунича ёки Аллоҳ менга Ўз ҳукмини чиқармагунича бу ерни тарк этмайман. У ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир».

Отангиз олдига қайтиб, шундай денглар: «Отажон, ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат билган нарсамизга гувоҳлик беряпмиз. Биз ғайбни билмаган эдик.

Биз бориб келган шаҳардан ва биз билан келган карвондан сўра. Биз аниқ рост гапиряпмиз».

Деди: «Аксинча! Сизларга ҳавойи нафсингиз ишни бўяб кўрсатган. Энди (менга) чиройли сабр (қилишдан бошқа чора қолмади). Шоядки, Аллоҳ уларнинг ҳаммасини бағримга қайтарса. Албатта, У Билгувчи ва Ҳаким Зотдир».

Улардан юз ўгириб: «Оҳ, бечора Юсуф!» - деди. Хафаликдан кўзлари оқарди (кўр бўлиб қолди). У дардини ичига ютувчидир.

Дедилар: «Аллоҳга қасамки, ўлим ёқасига боргунингча ёки ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверасан».

Деди: «Ғаму қайғуларимдан ёлғиз Аллоҳга шикоят қиламан. Аллоҳ ҳақида сизлар билмаган нарсаларни биламан».

Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасидан хабар олинглар. Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина умид узадилар.

Унинг олдига киришгач, дедилар: «Эй Азиз, биз ва оиламиз қурғоқчликка гирифтор бўлдик ва арзимаган молларни олиб келдик. Бизга ўлчовни тўла қилиб бер ва бизга садақа ҳам қил. Аллоҳ садақа қилгувчиларни мукофотлайди».

Деди: «Нодонлик пайтингизда Юсуф ва унинг укасига нималар қилганингизни билганмисиз?"

Дедилар: «Сен Юсуфмисан?» Деди: «Мен Юсуфман ва бу укам. Аллоҳ бизга фазлу марҳамат кўрсатди. Зеро, ким тақво ва сабр қилса, албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг ажрини зое қилмас».

Дедилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени биздан устун қилибди. Биз эса хатокорлардан бўлдик».

Деди: «Бугун сизларни айблаш йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилур. У раҳмлилар Раҳмлироғидир».

«Мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташланглар, кўзи очилур. Кейин барчангиз оилангиз билан менинг олдимга келинглар».

Карвон йўлга чиққач, оталари деди: «Мени ақлдан озган деманглар-у, мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман».

Дедилар: «Аллоҳга қасамки, сен ҳали ҳам олдингидек адашишлигингдасан».

Хушхабарчи келиб, ўшани унинг юзига ташлагач, кўзи қайта очилди. Деди: «Мен Аллоҳ ҳақида сизлар билмаган нарсаларни биламан, демаганмидим?»

Дедилар: «Отажон, гуноҳларимиз учун мағфират сўра. Биз хатокорлар бўлган эканмиз».

Деди: «Сизлар учун Парвардигоримдан мағфират сўрайман. У Мағфиратли, Раҳмли Зотдир».

Юсуфнинг олдига кирганларида у ота-онасини қучоқлаб: «Мисрга тинч-омон киринглар, иншооллоҳ», деди.

У ота-онасини тахтга чиқарди. Унга сажда қилиб эгилдилар. Деди: «Отажон, мана шу олдин кўрган тушимнинг таъбири. Уни Парвардигорим рўёбга чиқарди. У Зот менга яхшилик қилди. Мени зиндондан чиқарди. Шайтон мен билан акаларим орасида иғво қилганидан кейин ҳам сизларни саҳродан олиб келди. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган ишни сездирмай қиладиган Зотдир. У Билгувчи ва Ҳакимдир.

Парвардигорим, менга мулк бердинг ва тушлар таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот, дунёю охиратда Сен Хожамсан. Мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени яхшилар қаторига қўшгин».

Бу ғайб хабарларидандир. Уни сизга ваҳий қиляпмиз. Улар ҳийла-найранг қилишга келишиб олган пайтларида сиз уларнинг ёнида бўлмагансиз.

Гарчи ҳарис бўлсангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин эмаслар.

Сиз улардан бу иш учун ажр сўрамайсиз. У оламлар учун бир эслатмадан бошқа нарса эмас.

Осмонлару ерда қанчадан-қанча оят-аломатлар бор. Уларнинг ёнидан ўтиб қолсалар, юз ўгириб ўтадилар.

Уларнинг кўплари Аллоҳга мушрик ҳолларида иймон келтирадилар.

Улар Аллоҳнинг азобидан (ҳаммаларини) қамраб оладиган бир офат келишидан ёки ўзлари сезмаганлари ҳолда тўсатдан Қиёмат бўлиб қолишидан хотиржаммилар?

Айтинг: «Шу менинг йўлим. Мен ҳам, менга эргашганлар ҳам аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват қиламиз. Мен мушриклардан эмасман».

Сиздан олдин шаҳар аҳлидан фақат эркак кишиларни пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юбордик. Ер юзида юриб, олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми? Тақво қиладиганлар учун охират диёри яхшироқдир. Ақлларини ишлатмайдиларми?

Пайғамбарлар умидсизланиб, биз ёлғончига чиқарилдик, деб ўйлаб қолганларида уларга Бизнинг мададимиз келди. Шу билан Биз истаган одамлар нажот топди. Жиноятчи қавмдан эса азобимиз қайтарилмас.

Уларнинг қиссаларида ақл эгаларига бир ибрат бор эди. У тўқилган гап эмас, балки ўзидан олдингиларни тасдиқлаб келган ва ҳамма нарсани тафсилоти билан айтган ҳамда иймон келтирган қавм учун ҳидоят, раҳмат бўлган (Китобдир).