The Noble Qur'an Encyclopedia
Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languagesThe Romans [Ar-Room] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center
Surah The Romans [Ar-Room] Ayah 60 Location Maccah Number 30
Алиф, Лом, Мим.
Рум мағлуб бўлди.
Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин яқинда яна ғолиб бўлажаклар.
Саноқли йилларда. Олдин ҳам, кейин ҳам ҳамма иш Аллоҳнинг измидадир. Ўша кунда мўминлар шод бўладилар.
Аллоҳнинг нусрати ила. У Ўзи хоҳлаган одамга нусрат берур. У Азиз ва Раҳмли Зотдир.
(Нусрат бериш) Аллоҳнинг ваъдаси. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар.
Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Охиратдан эса ғофилдирлар.
Улар ўзлари ҳақида фикр юритмайдиларми? Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни (бежиз яратмаган, уларни) ҳақ ва муайян муддат билан яратган. Одамлардан кўплари Парвардигорларига рўбарў келишни инкор қилгувчилардир.
Ер юзини кезиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Улар булардан кўра кучлироқ эдилар. Ерга ишлов бериб, уни булар обод қилганидан кўра кўпроқ обод қилгандилар. Уларга пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганди. Аллоҳ уларга зулм қилмаган эди, лекин улар ўзларига ўзлари зулм қилгандилар.
Кейин ёмонлик қилганларнинг оқибати ёмон бўлди. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқардилар ва уларни масхара қилардилар.
Аллоҳ йўқдан бор қилади, кейин уни яна қайтадан яратади. Кейин Унга қайтарилурсизлар.
Қиёмат қоим бўлган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар.
Уларга бутларидан шафоатчилар бўлмади ва улар бутларидан тонадиган бўлдилар.
Қиёмат қоим бўлган куни, ўша куни бўлиниб кетадилар.
Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар жаннатда шод бўладилар.
Куфр келтириб, оятларимизни ва охират учрашувини ёлғон дейдиганлар эса - ана ўшалар азобга ҳозир қилинадилар.
Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтинг.
Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ҳам, Пешин пайтига киришингизда ҳам (тасбеҳ айтинг).
Ўликдан тирикни чиқаради. Тирикдан ўликни чиқаради. Ерни ўлганидан кейин қайта тирилтиради. Сизлар ҳам шундай чиқариласизлар.
Унинг оятларидан бири шуки, сизларни тупроқдан яратди. Кейин сизлар инсон бўлиб таралдингизлар.
Унинг оятларидан яна бири шуки, сизларга ўзларингиздан жуфтларингизни яратди. Токи ўшалар билан таскин топинглар. Орангизда эса ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилди. Албатта, бу ишда фикр юритадиган қавм учун оятлар бордир.
Унинг оятларидан яна бири осмонлару ерни яратиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизни турли хил қилиб қўйишидир. Албатта, бу ишда биладиганлар учун белгилар бордир.
Унинг оятларидан яна бири кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан умидвор бўлишингиздир. Албатта, бу ишда қулоқ соладиган қавм учун белгилар бордир.
Унинг оятларидан яна бири шуки, сизларга яшинни кўрсатади. Қўрқиб ва умидвор бўлиб (уни кўрасизлар). Осмондан ёмғир ёғдириб, у билан ўлиб қолган ерни тирилтиради. Албатта, бу ишда ақлини ишлатадиган қавм учун белгилар бордир.
Унинг оятларидан яна бири шуки, само ва замин У Зотнинг амри билан қоимдир. Кейин сизларни ердан бир бор чақирганда барчангиз бирдан чиқасизлар.
Осмонлару ердаги жонзотлар Уникидир. Ҳаммалари Унга бўйсунадилар.
У шундай Зотки, дастлаб Ўзи йўқдан бор қилади, кейин яна Ўзи қайта яратади. Бу иш Унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий сифат Уникидир. У Азиз ва Ҳаким Зотдир.
Сизларга ўзларингиздан бир мисол зарб этди. Қўлларингиздаги мулкингиз (қулларингиз)дан сизларга ризқ қилиб берганимиз мол-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми ва сизлар худди ўзларингиздан қўрққандек улардан ҳам қўрқасизларми? Ақлини ишлатадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз.
Йўқ! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Аллоҳ адаштириб қўйганни ким ҳам ҳидоят қила оларди? Улар учун ёрдам бергувчилар бўлмас.
Бас, доимо тўғри бўлган динга юз тутинг! Аллоҳнинг фитратики, инсонларни ўша билан яратган. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Тўғри дин шудир. Лекин кўп одамлар билмайдилар.
۞ مُنِيبِينَ إِلَيۡهِ وَٱتَّقُوهُ وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَلَا تَكُونُواْ مِنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ [٣١]
Унга қайтгувчи бўлган ҳолингизда (юз буринглар). Ундан қўрқинглар. Намозни тўкис адо этинглар. Мушриклардан бўлманглар.
Динларини парчалаб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир гуруҳ ўзидаги нарса билан хурсанд бўлганлардан (бўлиб қолманглар).
Қачон одамларга бир зарар етса, Парвардигорларига қайтиб, Унга дуо қиладилар. Аллоҳ уларга Ўз раҳматидан бирон марҳамат тоттирганда эса, баногоҳ улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтирадилар.
Улар берган нарсаларимизга нонкўрлик қилаверсинлар. Фойдаланаверинглар. Яқинда билиб оласизлар.
Ёки уларга ширк келтириб юрганларини сўзлайдиган бир ҳужжат туширдикми?!
Одамларга бирон марҳаматни тоттирсак, ундан хурсанд бўлдилар. Ўзлари қилган қилмишлари туфайли бирон заҳмат етганда эса умидсизликка тушадилар.
Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандасига ризқни кенг ёки танг қилиб бераётганини кўрмадиларми? Албатта, бу ишда иймон келтирган қавм учун белгилар бордир.
Қариндошга, мискинга ва мусофирга ҳаққини беринг. Мана шу Аллоҳнинг Юзини истайдиганлар учун яхшироқдир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Одамларнинг моллари ичида кўпайиши учун судхўрликка берган пулларингиз Аллоҳнинг ҳузурида кўпаймайди. Аллоҳнинг Юзини истаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар (фойдани) бир неча баробар қилиб олгувчилардир.
Аллоҳ шундай Зотки, сизларни яратди. Кейин сизларга ризқ берди. Кейин сизларни ўлдиради. Кейин яна тирилтиради. Шерик қилаётган бутларингиздан биронтаси шу ишлардан биронтасини қила оладими? У Зот улар келтираётган ширклардан Пок ва Олийдир.
Одамлар қилган ишлар туфайли қуруқлигу денгизда бало-офат юз берди. Қилган ишларининг айримларини тоттириб қўйиш учун (шундай бўлди). Шояд, улар қайтсалар.
Айтинг: «Ер юзида сайр қилиб, олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. Уларнинг кўплари мушрик бўлган эдилар».
Бас, Аллоҳ тарафидан рад қилинмайдиган кун келмасидан олдин расо динга юз тутинг. Ўша кунда бўлинурлар.
Ким куфр келтирса, унинг куфри ўзига зарар. Ким яхши амал қилса, бас, улар ўзлари учун жой ҳозирлайдилар.
Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни Ўз фазлидан мукофотлагани сабабли (шундай бўлади). Албатта, У Зот кофирларни севмайди.
У Зотнинг оятларидан яна бири шуки, шамолларни хушхабар элтгувчи қилиб юборади. Сизларга Ўз раҳматидан тоттириб қўйиши учун, кема У Зотнинг амри ила юриши учун ва У Зотнинг фазлидан умидвор бўлишингиз учун. Шоядки, шукр қилсангизлар.
Сиздан олдин пайғамбарларни ўз қавмларига юбордик. Уларга ҳужжатларни олиб келдилар. Бас, жиноят қилганлардан интиқом олдик. Мўминларни ғолиб этиш зиммамиздаги ҳақ бўлганди.
Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар билан булутни қўзғатади ва уни самода Ўзи истаганича ёяди ва бўлак-бўлак қилади, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. Қачон уни Ўзи истаган бандаларига етказса, қарабсизки, улар шод бўладилар.
Ҳолбуки, улар ундан аввал устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар.
Бас, Аллоҳ раҳматининг изларига назар солинг. Қандай қилиб ўлик ерни тирилтиряпти? Албатта, У Зот ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. У Зот ҳар нарсага Қодирдир.
Агар (экинзорларига иссиқ) шамолни юборсак ва унинг сарғайиб кетганини кўрсалар, шундан кейин нонкўрлик қила бошлайдилар.
Аниқки, сиз ўликларга эшиттира олмассиз, ортга ўгирилиб кетаётган карларга ҳам даъватни уқтира олмассиз.
Сиз кўрларни ўз залолатларидан (қайтариб) ҳидоят қилгувчи эмассиз. Сиз фақат оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина эшиттира олурсиз. Ана ўшалар мусулмонлардир.
Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни заиф нарсадан яратди. Заифликдан кейин куч-қувват пайдо қилди. Куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни пайдо қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билгувчи ва Қодир Зотдир.
Қиёмат қоим бўладиган куни жиноятчилар бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичадилар. Улар ана шундай ўгирилар эдилар.
Илм ва иймон ато этилган зотлар дедилар: «Аниқки, сизлар Аллоҳнинг китобида (ёзиб қўйганидек) тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар билмас эдинглар».
Бас, у кунда зулм қилган кимсаларга узру баҳоналари фойда бермас ва улардан қайтиш ҳам талаб қилинмас.
Албатта, ушбу Қуръонда одамлар учун турли хил мисоллар зарб этдик. Гарчи сиз уларга мўъжиза келтирсангиз ҳам кофир бўлган кимсалар: «Сизлар ғирт ёлғончисизлар», дейишлари аниқ.
Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай муҳрлаб қўяди.
Бас, сабр қилинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Иймони мустаҳкам бўлмаганлар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар.