عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

The Ranks [As-Saff] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center

Surah The Ranks [As-Saff] Ayah 14 Location Madanah Number 61

Самолардаги нарсалар ҳам, заминдаги нарсалар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтди. У Азиз, Ҳаким Зотдир.

Эй иймон келтирган зотлар, нима учун қилмаган ишингизни гапирасизлар?!

Қилмаган ишингизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида ўта ёқимсиз бўлди.

Аллоҳ Ўзининг йўлида худди туташган бинолардек бир саф бўлиб жанг қиладиган зотларни яхши кўради.

Ўшанда Мусо қавмига деди: «Эй қавмим, нима учун менга озор берасизлар?! Менинг сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбари эканимни биласизлар-ку». Ўзлари адашгач, Аллоҳ уларнинг қалбларини адаштириб қўйди. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.

Ўшанда Ийсо ибн Марям деди: «Эй Бани Исроил, мен сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаб, мендан кейин Аҳмад исмли бир пайғамбар келиши ҳақида хушхабар олиб (келганман)». Уларга ҳужжатларни олиб келганда эса: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар.

Ўзи Исломга чақирилиб турган бир пайтда Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган одамдан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.

Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса гарчи кофирлар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини камолига етказгувчидир.

У шундай Зотки, Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин ила юборди. Токи у, гарчи мушриклар ёқтирмаслар-да, ҳамма динлардан ғолиб бўлсин.

Эй иймон келтирган зотлар, сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир тижоратга йўллаб қўяйми?

Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар, молларингиз ва жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қиласизлар. Агар билсангизлар, мана шу сизлар учун яхшироқдир.

Гуноҳларингизни кечириб, ўзингизни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга ва мангу боғлардаги сўлим масканларга киритади. Энг буюк муваффақият мана шу.

Сизлар ёқтирадиган бошқа нарсалар ҳам (муваффақиятдир. У) Аллоҳ тарафидан бўлган қўллов ва яқин ғалабадир. Мўминларга хушхабар беринг.

Эй иймон келтирган зотлар, Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳ учун ким менинг ёрдамчиларим бўлади», деганида ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», дедилар. Сизлар ҳам худди ўшалардек Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинглар. Ўшанда Бани Исроилдан бир тоифа иймон келтириб, бошқа тоифа куфр келтирганди. Бас, иймон келтирган зотларни душманларига қарши қўллаб-қувватладик ва улар ғолиб бўлдилар.