The Noble Qur'an Encyclopedia
Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languagesMutual Disillusion [At-Taghabun] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center
Surah Mutual Disillusion [At-Taghabun] Ayah 18 Location Madanah Number 64
Аллоҳга самолардагилар ҳам, заминдагилар ҳам тасбеҳ айтур. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар нарсага Қодирдир.
У сизларни яратган Зотдир. Бас, сизлардан кимдир кофир, яна сизлардан кимдир мўмин. Аллоҳ қилаётган ишларингизни Кўргувчидир.
Осмонлару ерни ҳақ ила яратди. Сизга шакл берди ва суратингизни гўзал қилди. Қайтиб бориш Унгадир.
Осмонлару ердаги нарсаларни билади. Яширганингизни ҳам, ошкор этганингизни ҳам билади. Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ҳам Билгувчидир.
Олдинги куфр келтириб, қилмишларининг азобини тотганлар ҳақидаги хабар сизларга етиб келмадими? Улар учун аламли азоб бордир.
Бунга сабаб шуки, уларга пайғамбарлари ҳужжатларни олиб келардилар. Улар эса: «Бизни тўғри йўлга (фаришта эмас) инсон бошлайдими?» - деб куфр келтирдилар, юз ўгирдилар. Аллоҳ беҳожат бўлди. Аллоҳ Беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир.
Куфр келтирган кимсалар ҳеч қачон қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Айтинг: «Асло! Парвардигоримга қасамки, албатта, қайта тирилурсизлар, кейин, албатта, қилган ишларингиз ҳақида хабар берилурсизлар. Бу иш Аллоҳга осон».
Бас, Аллоҳга, У Зотнинг элчисига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир.
Сизларни тўплайдиган тўпланиш куни. У тағобун (бир-бирига зарар бериш) кунидир. Ким Аллоҳга иймон келтириб, яхши иш қилган бўлса, унинг ёмонликларини ўчириб, ўзини остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритур. У ерларда абадий қолурлар. Бу буюк муваффақиятдир.
Куфр келтириб, оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар, ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, унда мангу қолгувчидирлар. Нақадар ёмон оқибат!
Бирон мусибат Аллоҳнинг изнисиз етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, унинг қалбини ҳидоят қилиб қўяди. Аллоҳ ҳар бир нарсани Билгувчидир.
Аллоҳга итоат қилинглар. Пайғамбарга итоат қилинглар. Агар бош тортсангизлар, элчимиз зиммасида аниқ қилиб етказиб қўйиш бор, холос.
Аллоҳ. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.
Эй иймон келтирган зотлар, аёлларингиз ва болаларингиздан сизларга душман бор. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар. Агар афв этсангизлар, кечирсангизлар, мағфират қилсангизлар, бас, албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
Мол-давлатларингиз ва бола-чақаларингиз бир синов, холос. Аллоҳнинг ҳузурида эса буюк мукофот бор.
Бас, қўлингиздан келганича Аллоҳдан қўрқинглар. Қулоқ солинглар, итоат этинглар ва эҳсон қилинглар, ўзингизга яхши бўлади. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Агар Аллоҳга қарзи ҳасана берсангизлар, уни сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва сизларни мағфират қилур. Аллоҳ Шакур ва Ҳалим Зотдир.
Ғайбу шаҳодатни Билгувчи, Азиз, Ҳаким.