عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

The Sovereignty [Al-Mulk] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center

Surah The Sovereignty [Al-Mulk] Ayah 30 Location Maccah Number 67

Подшоҳлик қўлида бўлган Зот баракотли бўлди. У ҳар нарсага Қодирдир.

У шундай Зотки, қайси бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаб-билиш учун ўлим ва ҳаётни яратди. У Азиз ва Кечиримли Зотдир.

У шундай Зотки, етти осмонни устма-уст қилиб яратди. Раҳмоннинг яратишида бирон тафовутни кўрмайсиз. Бас, қайта назар солинг-чи, бирон камчиликни кўрармикансиз?

Кейин қайта-қайта назар солинг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойиб қайтади.

Дарҳақиқат, яқин осмонни чироқлар билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Улар учун олови қизиб турган жаҳаннамни тайёрлаб қўйганмиз.

Парвардигорларига куфр келтирганлар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!

Унга улоқтирилган пайтларида қайнаб турган жаҳаннамнинг бир хунук ўкиригини эшитадилар.

У ғазабдан ёрилиб кетгудек бўлади. Ҳар қачон унга бир тўда (осийлар) ташланганда, унинг қўриқчилари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?», деб сўрайди.

Дейдилар: «Ҳа, бизга огоҳлантирувчи келганди. Уни ёлғончига чиқариб, Аллоҳ ҳеч нарсани нозил қилган эмас, сизлар эса катта залолатдасизлар, холос, деган эдик».

Дедилар: «Қулоқ солганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлардик».

Бас, улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар. Йўқолсин дўзахийлар!

Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиганлар учун мағфират ва улкан савоб бордир.

Гапингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўнгиллардагини ҳам Билгувчи Зотдир.

Яратган Зот Ўзи билмасми? Ҳолбуки, У Меҳрибон ва Хабардор Зотдир.

У шундай Зотки, ерни сизларга бўйсунадиган қилиб қўйган. Унинг ҳар тарафида юринглар ва ризқидан тановул қилинглар. Қайта тирилиб бориш ҳам ёлғиз Унинг ҳузуригадир.

Осмондаги Зот сизларни титроқ босиб турган ерга юттириб юборишидан хотиржаммисизлар?

Ёки осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали огоҳлантиришим қандай эканини билиб оласизлар!

Дарҳақиқат, улардан олдингилар ҳам ёлғонга чиқарган эдилар. Бас, инкорим қандай бўлди?!

Устларидаги қанот ёйган ва йиққан ҳолдаги қушларни кўрмадиларми?! Уларни ёлғиз Раҳмонгина ушлаб турар! Албатта, У барча нарсани Кўргувчидир.

Раҳмондан бошқа сизларга ёрдам берадиган, сизлар учун қўшин-ёрдамчи бўлган ким бор экан?! Кофирлар фақат алданишдадирлар.

У ризқни тортиб қўйса, сизга ризқ берадиган ким ўзи?! Йўқ! Улар борган сари ҳадларидан ошиб, ҳақдан йироқлашиб бораверадилар.

Юзтубан қоқилиб юраётган киши ҳидоятдароқми ёки тўғри йўл устида қоматини тик тутиб бораётган кишими?

Айтинг: «У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга қулоқ, кўз ва ақлни берган Зотдир. Сизлар эса жуда оз шукр қиласизлар».

Айтинг: «У сизларни ер юзида яратган Зотдир. Ва Унинг ҳузурига тўпланурсизлар».

«Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда қачон бўлади?» - дейдилар.

Айтинг: «Албатта, илм фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса бир очиқ огоҳлантирувчиман, холос».

Уни яқиндан кўрганда куфр келтирганларнинг юзлари қорайиб кетади ва уларга: «Сиз истаган нарса мана шу», дейилади.

Айтинг: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлганларни ҳалок қилса ёки бизга раҳм қилса, кофирларни аламли азобдан ким ҳимоя қилади?!»

Айтинг: «У Раҳмондир. Унга иймон келтирдик ва Унга таваккал қилдик. Ким очиқ залолатда эканини яқинда билиб оласизлар».

Айтинг: «Айтинглар-чи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким оқар сувни келтириб беради?!"