عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

The Ascending stairways [Al-Maarij] - Uzbek Translation - Rowwad Translation Center

Surah The Ascending stairways [Al-Maarij] Ayah 44 Location Maccah Number 70

Бир сўрагувчи тушгувчи азоб ҳақида сўради.

Кофирлар учун уни даф қилиб берадиган кимса йўқдир.

У меърожлар соҳиби бўлмиш Аллоҳ тарафидандир.

Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтарилурлар.

Бас, чиройли сабр қилинг.

Улар у (Кун)ни узоқ деб биладилар.

Биз эса унинг яқинлигини биламиз!

У кунда осмон эритилган мисга ўхшаб қолади.

Тоғлар эса худди титилган жунга ўхшаб қолади.

Бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.

Улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи у куннинг азобидан қутулиш учун ўз ўғилларини фидо қилиб юборишни истаб қолади.

Хотинини ва ака-укасини ҳам.

Уни ўз паноҳига олган қабиласини ҳам.

Ер юзидаги барча одамларни ҳам фидо қилиб юборишни истайди. Кейин (шу берганлари) унга нажот беришини хоҳлайди.

Йўқ! Албатта, у бир ловиллаб ёнаётган оловдир.

Бош терисини сидириб олувчидир.

У юз ўгириб, терс қараб кетган кимсани чақиради.

Йиғиб, беркитганни ҳам.

Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир.

Унга ёмонлик етса, оҳ-воҳ қилгувчидир.

Яхшилик етганда эса қизғанчиқдир.

Намозхонлар бундан мустасно.

(Намозхонлар)ки, намозларида барқарордирлар.

(Намозхонлар)ки, молу мулкларида маълум ҳақ бордир.

Тиланчи ва бечоралар учун.

(Намозхонлар)ки, Қиёмат кунини тасдиқ этадилар.

(Намозхонлар)ки, Парвардигорларининг азобидан қўрқадилар.

Зотан, Парвардигорларининг азоби бехатар эмасдир.

(Намозхонлар)ки, авратларини сақлайдилар.

Ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилари бундан мустасно. Улар маломат қилингувчи эмаслар.

Ким шундан ортиғини талаб қилса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир.

(Намозхонлар)ки, омонатларига ва аҳдларига вафо қиладилар.

(Намозхонлар)ки, гувоҳликларини тўғри адо этадилар.

(Намозхонлар)ки, намозларини муҳофаза қиладилар.

Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат кўргувчилардир.

Куфр келтирганларга не бўлдики, сиз томон бўйин чўзиб чопмоқдалар?

Ўнг тарафдан ҳам, чап тарафдан ҳам тўп-тўп бўлиб?

Ё улардан ҳар бир кимса ноз-неъмат жаннатига киритилишни тама қилурми?!

Йўқ! Албатта, Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз.

Машриқу мағриблар Парвардигорига қасам ичаманки, албатта, Биз Қодирмиз.

Улардан яхшироқларини алмаштириб қўйишга. Биз бу ишни қилишдан ожиз эмасмиз.

Уларни тек қўйинг. То ваъда қилинган кунларига рўбарў келгунларига қадар ботаверсинлар, ўйнаб-кулаверсинлар.

У кунда худди бутларга шошаётгандек, қабрларидан шошиб чиқурлар.

Нигоҳлари ерга қадалган, ўзларини хорлик қоплаб олган ҳолда турадилар. Бу ўша уларга ваъда қилинган кундир.