Main pages

Surah Crouching [Al-Jathiya] in Uzbek

Surah Crouching [Al-Jathiya] Ayah 37 Location Makkah Number 45

حمٓ ﴿1﴾

Ҳа-а. Мийм.

Ўзбек

Ҳо. Мим.

تَنزِيلُ ٱلْكِتَٰبِ مِنَ ٱللَّهِ ٱلْعَزِيزِ ٱلْحَكِيمِ ﴿2﴾

Бу китобнинг нозил қилиниши азиз ва ўта ҳикматли Аллоҳдандир.

Ўзбек

Китобнинг нозил қилиниши Азиз ва Ҳаким Аллоҳ тарафидандр.

إِنَّ فِى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ لَءَايَٰتٍۢ لِّلْمُؤْمِنِينَ ﴿3﴾

Албатта, осмонлару ерда мўминлар учун оят-белгилар бордир. (Дарҳақиқат, осмонлару ердаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг биру борлигига, чексиз қудратига ёрқин далилдир.)

Ўзбек

Осмонлару ерда мўминлар учун белгилар бордир.

وَفِى خَلْقِكُمْ وَمَا يَبُثُّ مِن دَآبَّةٍ ءَايَٰتٌۭ لِّقَوْمٍۢ يُوقِنُونَ ﴿4﴾

Ва сизларнинг яратилишингизда ва таратиб қўйган жониворларда аниқ ишонадиган қавм учун оят-белгилар бор. (Инсоннинг яратилишида Аллоҳ таолонинг биру борлигига, куч-қудратига, тадбиру санъатига сонсиз-саноқсиз оят-белгилар бор.)

Ўзбек

Ўзларингизнинг яратилишингизда ва тарқатиб қўйган жониворларда аниқ ишонадиганлар учун.

وَٱخْتِلَٰفِ ٱلَّيْلِ وَٱلنَّهَارِ وَمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مِن رِّزْقٍۢ فَأَحْيَا بِهِ ٱلْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا وَتَصْرِيفِ ٱلرِّيَٰحِ ءَايَٰتٌۭ لِّقَوْمٍۢ يَعْقِلُونَ ﴿5﴾

Кечаю кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ нозил қилиб, унинг ила ерни ўлимидан кейин тирилтиришида ва шамолларни не йўналишида ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор.

Ўзбек

Кеча ва кундузнинг алмашинишида, Аллоҳ самодан ризқ ёғдириб, у орқали ўлик ерни жонлантиришида ва шамолларни эстириб қўйишида ақл юритадиган қавм учун белгилар бордир.

تِلْكَ ءَايَٰتُ ٱللَّهِ نَتْلُوهَا عَلَيْكَ بِٱلْحَقِّ ۖ فَبِأَىِّ حَدِيثٍۭ بَعْدَ ٱللَّهِ وَءَايَٰتِهِۦ يُؤْمِنُونَ ﴿6﴾

Булар Аллоҳнинг оятларидир. Биз уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Улар Аллоҳни ва Унинг оятларини қўйиб, қайси гапга иймон келтирурлар?!

Ўзбек

Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сизга ҳақ ила тиловат қилиб беряпмиз. Бас, Аллоҳ ва Унинг оятлари турганда яна қайси гапга ишонадилар?!

وَيْلٌۭ لِّكُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍۢ ﴿7﴾

Ҳар бир ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлсин!

Ўзбек

Ҳар бир туҳматчи осийга ҳалокат бўлсин.

يَسْمَعُ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ تُتْلَىٰ عَلَيْهِ ثُمَّ يُصِرُّ مُسْتَكْبِرًۭا كَأَن لَّمْ يَسْمَعْهَا ۖ فَبَشِّرْهُ بِعَذَابٍ أَلِيمٍۢ ﴿8﴾

У ўзига тиловат қилинган Аллоҳнинг оятларини эшитади-ю, сўнгра худди эшитмагандек мутакаббирлик қилиб туриб олади. Бас, унга аламли азоб хушхабарини бер.

Ўзбек

Унга тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини эшитади-да, кейин яна такаббурлик қилиб, худди эшитмагандек саркашлик қилиб тураверади. Бас, унга аламли азоб ҳақида хушхабар беринг!

وَإِذَا عَلِمَ مِنْ ءَايَٰتِنَا شَيْـًٔا ٱتَّخَذَهَا هُزُوًا ۚ أُو۟لَٰٓئِكَ لَهُمْ عَذَابٌۭ مُّهِينٌۭ ﴿9﴾

Қачонки Бизнинг оятларимиздан бирор нарса билса, уни истеҳзо қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.

Ўзбек

Бизнинг оятларимиздан бирон нарсани билиб олганда уни масхара қилади. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир.

مِّن وَرَآئِهِمْ جَهَنَّمُ ۖ وَلَا يُغْنِى عَنْهُم مَّا كَسَبُوا۟ شَيْـًۭٔا وَلَا مَا ٱتَّخَذُوا۟ مِن دُونِ ٱللَّهِ أَوْلِيَآءَ ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ ﴿10﴾

Ва ортларида жаҳаннам бор. Уларга касб қилган нарсалари ҳам, Аллоҳни қўйиб тутган «дўстлари» ҳам ҳеч бир нарсада асқотмас. Уларга улкан азоб бордир.

Ўзбек

Уларнинг ортида жаҳаннам бор. Уларга касб қилиб топган нарсалари ҳам, Аллоҳни қўйиб, ушлаган дўстлари ҳам бирон нарсада асқотмас. Улар учун улуғ азоб бордир.

هَٰذَا هُدًۭى ۖ وَٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ بِـَٔايَٰتِ رَبِّهِمْ لَهُمْ عَذَابٌۭ مِّن رِّجْزٍ أَلِيمٌ ﴿11﴾

Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Роббилари оятларига куфр келтирганларга аламли азобнинг ашаддийси бордир.

Ўзбек

Мана шу ҳидоятдир. Парвардигорларининг оятларига куфр келтирганлар учун эса жуда ёмон аламли азоб бордир.

۞ ٱللَّهُ ٱلَّذِى سَخَّرَ لَكُمُ ٱلْبَحْرَ لِتَجْرِىَ ٱلْفُلْكُ فِيهِ بِأَمْرِهِۦ وَلِتَبْتَغُوا۟ مِن فَضْلِهِۦ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ ﴿12﴾

Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз.

Ўзбек

Аллоҳ шундай Зотки, Унинг амри ила кемалар юриши ва У Зотнинг фазлидан умидвор бўлишингиз учун сизларга денгизни бўйсундириб берди. Шоядки, шукр қилсангизлар.

وَسَخَّرَ لَكُم مَّا فِى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِى ٱلْأَرْضِ جَمِيعًۭا مِّنْهُ ۚ إِنَّ فِى ذَٰلِكَ لَءَايَٰتٍۢ لِّقَوْمٍۢ يَتَفَكَّرُونَ ﴿13﴾

Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир.

Ўзбек

Сизларга самолардаги нарсаларнинг ва заминдаги нарсаларнинг ҳаммасини Ўзи томонидан бўйсундириб берди. Бу ишда фикр юритадиган қавм учун белгилар бордир.

قُل لِّلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ يَغْفِرُوا۟ لِلَّذِينَ لَا يَرْجُونَ أَيَّامَ ٱللَّهِ لِيَجْزِىَ قَوْمًۢا بِمَا كَانُوا۟ يَكْسِبُونَ ﴿14﴾

Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун мукофотласин. (Эй Муҳаммад, сен мўминларга айт, улар ўзларига озор берган, келажакдаги Аллоҳнинг ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечирсинлар. Бу эса, Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши касбларига кўра мукофотлаши учундир.)

Ўзбек

Иймон келтирганларга айтингки, Аллоҳнинг кунларидан умид қилмайдиганларни кечириб юбораверсинлар. Токи У Зот қавмни қилиб ўтган ишларига яраша мукофотласин ёки жазоласин.

مَنْ عَمِلَ صَٰلِحًۭا فَلِنَفْسِهِۦ ۖ وَمَنْ أَسَآءَ فَعَلَيْهَا ۖ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّكُمْ تُرْجَعُونَ ﴿15﴾

Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз.

Ўзбек

Ким бир яхшилик қилса, бас, ўзи учун. Ким ёмонлик қилса, у ҳам ўзига. Кейин Парвардигорингизга қайтариласизлар.

وَلَقَدْ ءَاتَيْنَا بَنِىٓ إِسْرَٰٓءِيلَ ٱلْكِتَٰبَ وَٱلْحُكْمَ وَٱلنُّبُوَّةَ وَرَزَقْنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلْنَٰهُمْ عَلَى ٱلْعَٰلَمِينَ ﴿16﴾

Батаҳқиқ, биз Бани Исроилга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни бердик, уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик ва уларни оламлар ичида афзал қилдик. (Ўз замонасида, албатта, Бани Исроил ўзгалардан афзал бўлган. Чунки Таврот уларга туширилган, Пайғамбарлар улардан чиққан.)

Ўзбек

Бани Исроилга китоб, ҳокимият ва пайғамбарликни ато этдик. Уларга покиза ризқлар бериб, уларни оламлардан афзал этдик.

وَءَاتَيْنَٰهُم بَيِّنَٰتٍۢ مِّنَ ٱلْأَمْرِ ۖ فَمَا ٱخْتَلَفُوٓا۟ إِلَّا مِنۢ بَعْدِ مَا جَآءَهُمُ ٱلْعِلْمُ بَغْيًۢا بَيْنَهُمْ ۚ إِنَّ رَبَّكَ يَقْضِى بَيْنَهُمْ يَوْمَ ٱلْقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُوا۟ فِيهِ يَخْتَلِفُونَ ﴿17﴾

Ва Биз уларга (дин) иши ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар бердик. Бас, улар ўзларига илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилибгина ихтилофга тушдилар. Албатта, Роббинг улар орасида қиёмат куни ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур.

Ўзбек

Уларга ишлари учун ҳужжатлар ато этдик. Бас, ўзларига илм келганидан кейингина ўзаро тажовузкорлик қилиб, ихтилоф чиқардилар. Қиёмат куни уларнинг орасини қилиб ўтган ихтилофлари борасида Парвардигорингиз ажрим қилади.

ثُمَّ جَعَلْنَٰكَ عَلَىٰ شَرِيعَةٍۢ مِّنَ ٱلْأَمْرِ فَٱتَّبِعْهَا وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَآءَ ٱلَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ﴿18﴾

Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма. (Бани Исроилнинг иши, юқорида айтилгандек, муваффақиятсиз тамом бўлганидан сўнг биз сени Ислом шариатига йўлладик.)

Ўзбек

Кейин сизни бу ишдан бир шариат устида қилдик. Бас, унга эргашинг. Билмайдиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг.

إِنَّهُمْ لَن يُغْنُوا۟ عَنكَ مِنَ ٱللَّهِ شَيْـًۭٔا ۚ وَإِنَّ ٱلظَّٰلِمِينَ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَآءُ بَعْضٍۢ ۖ وَٱللَّهُ وَلِىُّ ٱلْمُتَّقِينَ ﴿19﴾

Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар. Ва, албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.

Ўзбек

Улар сиздан Аллоҳ тарафидан бўладиган бирон ишни арита олмаслар. Золимларнинг айримлари айримларининг дўстларидир. Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир.

هَٰذَا بَصَٰٓئِرُ لِلنَّاسِ وَهُدًۭى وَرَحْمَةٌۭ لِّقَوْمٍۢ يُوقِنُونَ ﴿20﴾

Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.

Ўзбек

Бу одамлар учун кўнгил кўзлари ҳамда аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.

أَمْ حَسِبَ ٱلَّذِينَ ٱجْتَرَحُوا۟ ٱلسَّيِّـَٔاتِ أَن نَّجْعَلَهُمْ كَٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّٰلِحَٰتِ سَوَآءًۭ مَّحْيَاهُمْ وَمَمَاتُهُمْ ۚ سَآءَ مَا يَحْكُمُونَ ﴿21﴾

Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон! (Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковиларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди?)

Ўзбек

Ёки ёмонликларни қилганлар Биз уларни ҳам иймон келтириб, яхшиликларни қилган зотлар каби қиламиз, уларнинг ҳаёти ҳам, мамоти ҳам бир хил бўлади, деб ўйлайдиларми? Нақадар ёмон ҳукм қиладилар!

وَخَلَقَ ٱللَّهُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضَ بِٱلْحَقِّ وَلِتُجْزَىٰ كُلُّ نَفْسٍۭ بِمَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ ﴿22﴾

Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила, ҳар бир жон қилган касбига яраша, зулм қилинмаган ҳолида жазосини (мукофотини) олиши учун яратган.

Ўзбек

Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила яратди. Токи ҳар бир жон зулм қилинмагани ҳолда қилган ишига яраша жазолансин, мукофотлансин.

أَفَرَءَيْتَ مَنِ ٱتَّخَذَ إِلَٰهَهُۥ هَوَىٰهُ وَأَضَلَّهُ ٱللَّهُ عَلَىٰ عِلْمٍۢ وَخَتَمَ عَلَىٰ سَمْعِهِۦ وَقَلْبِهِۦ وَجَعَلَ عَلَىٰ بَصَرِهِۦ غِشَٰوَةًۭ فَمَن يَهْدِيهِ مِنۢ بَعْدِ ٱللَّهِ ۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ ﴿23﴾

Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!

Ўзбек

Ҳавойи нафсини ўзига худо қилиб олган кимсани кўрганмисиз? Аллоҳ уни билган ҳолида адаштириб, қулоғи ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган. Аллоҳдан кейин уни ким ҳам ҳидоят қила оларди? Эслатма-ибрат олмайсизларми?!

وَقَالُوا۟ مَا هِىَ إِلَّا حَيَاتُنَا ٱلدُّنْيَا نَمُوتُ وَنَحْيَا وَمَا يُهْلِكُنَآ إِلَّا ٱلدَّهْرُ ۚ وَمَا لَهُم بِذَٰلِكَ مِنْ عِلْمٍ ۖ إِنْ هُمْ إِلَّا يَظُنُّونَ ﴿24﴾

Улар: «У(ҳаёт) фақат бу дунёдаги ҳаётимиздир. Ўламиз, тириламиз, бизни фақат замон ҳалок қилади», дерлар. Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ. Улар фақат гумон қиладилар, холос. (Булар даҳрийлардир, бизни фақат даҳр(замон) ўлдиради, деганлари учун шу номни олганлар. Улар ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этадилар.)

Ўзбек

Дедилар: «Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқ. Ўламиз ва яшаймиз. Бизни фақат давр ҳалок этади». Уларнинг бу борада ҳеч қандай илми йўқ. Улар фақат гумон-тахмин қиладилар, холос.

وَإِذَا تُتْلَىٰ عَلَيْهِمْ ءَايَٰتُنَا بَيِّنَٰتٍۢ مَّا كَانَ حُجَّتَهُمْ إِلَّآ أَن قَالُوا۟ ٱئْتُوا۟ بِـَٔابَآئِنَآ إِن كُنتُمْ صَٰدِقِينَ ﴿25﴾

Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинган чоғда: «Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи?!» дейишдан бошқа ҳужжатлари бўлмас.

Ўзбек

Уларга оятларимиз очиқ-равшан тиловат қилинганда уларнинг ҳужжатлари: «Агар ростгўй бўлсангизлар, ота-боболаримизни келтиринглар-чи», дейишдан бошқа нарса бўлмади.

قُلِ ٱللَّهُ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يَجْمَعُكُمْ إِلَىٰ يَوْمِ ٱلْقِيَٰمَةِ لَا رَيْبَ فِيهِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴿26﴾

Сен: «Аллоҳ сизларни тирилтирур, сўнгра ўлдирур, сўнгра сизларни (бўлишида) шубҳа йўқ қиёмат кунида жамлар. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.

Ўзбек

Айтинг: «Аллоҳ сизларни тирилтиради, кейин ўлдиради, кейин (келишига) шак-шубҳа бўлмаган Қиёмат кунига тўплайди. Лекин одамларнинг кўплари билмайдилар».

وَلِلَّهِ مُلْكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ ۚ وَيَوْمَ تَقُومُ ٱلسَّاعَةُ يَوْمَئِذٍۢ يَخْسَرُ ٱلْمُبْطِلُونَ ﴿27﴾

Ва осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Қиёмат соати қоим бўладиган кунда, ўша кунда ботилчилар зиён тортурлар.

Ўзбек

Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Соат қоим бўлган кунда, ана ўша кунда ноҳақлик қилгувчилар зарарга йўлиқадилар.

وَتَرَىٰ كُلَّ أُمَّةٍۢ جَاثِيَةًۭ ۚ كُلُّ أُمَّةٍۢ تُدْعَىٰٓ إِلَىٰ كِتَٰبِهَا ٱلْيَوْمَ تُجْزَوْنَ مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿28﴾

Ҳар бир умматни тиз чўккан ҳолида кўрурсан. Ҳар бир уммат ўз номаи амалига чақирилур: «Бугунги кунда қилиб юрган амалларингиз бўйича жазо (ёки мукофот) олурсиз», (дейилур). (Яъни, қиёмат кунининг даҳшати кучлилигидан у куни ҳар бир умматнинг чўкаланиб қолган ҳоли кўрилади. Ўша кунда ҳар бир умматга, ҳар бир шахсга, бу дунёда қилган амаллари ёзиб борилган китоб кўрсатилади.)

Ўзбек

Ҳар бир умматни тиз чўккан ҳолда кўрасиз. Ҳар бир уммат ўзининг китобига (номаи аъмолига) чақирилади. (Ва дейилади): «Бугун қилиб ўтган ишларингизга яраша жазо ёки мукофот олурсизлар».

هَٰذَا كِتَٰبُنَا يَنطِقُ عَلَيْكُم بِٱلْحَقِّ ۚ إِنَّا كُنَّا نَسْتَنسِخُ مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿29﴾

«Мана бу китобимиз сизга ҳақни нутқ қилур. Албатта, Биз қилган амалингизни ёзиб турган эдик» (дейилур). (Яъни, мана бу номайи амал китоби фақат ҳақиқатни айтади. Ундаги барча гап ростдир, ёлғони йўқ. У дунёда нима амал қилсангиз, ўшани ўз вақтида аниқ ёзиб турган эдик. Энди шу асосда ҳисоб-китоб этамиз.)

Ўзбек

Бу китобимиз сизларга ҳақни айтади. Албатта, Биз қилиб ўтган ишларингизни кўчириб қўйганмиз.

فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّٰلِحَٰتِ فَيُدْخِلُهُمْ رَبُّهُمْ فِى رَحْمَتِهِۦ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلْفَوْزُ ٱلْمُبِينُ ﴿30﴾

Бас, иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларни Роббилари Ўз раҳматига киритур. Ана ўшанинг ўзи очиқ-ойдин ютуқдир.

Ўзбек

Бас, иймон келтириб, яхши ишларни қилган зотларни Парвардигорлари Ўз раҳматига киритади. Мана шу ёрқин муваффақиятдир.

وَأَمَّا ٱلَّذِينَ كَفَرُوٓا۟ أَفَلَمْ تَكُنْ ءَايَٰتِى تُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ فَٱسْتَكْبَرْتُمْ وَكُنتُمْ قَوْمًۭا مُّجْرِمِينَ ﴿31﴾

Аммо куфр келтирганларга эса: «Ахир сизга Менинг оятларим тиловат қилинмаганмиди?! Бас, сиз мутакаббирлик қилдингиз ва жиноятчи қавм бўлдингиз.

Ўзбек

Куфр келтирганлар эса. «Оятларим сизларга тиловат қилинганда такаббурлик қилмаганмидингиз ва жиноятчи қавм бўлмаганмидингиз?!

وَإِذَا قِيلَ إِنَّ وَعْدَ ٱللَّهِ حَقٌّۭ وَٱلسَّاعَةُ لَا رَيْبَ فِيهَا قُلْتُم مَّا نَدْرِى مَا ٱلسَّاعَةُ إِن نَّظُنُّ إِلَّا ظَنًّۭا وَمَا نَحْنُ بِمُسْتَيْقِنِينَ ﴿32﴾

Вақтики: «Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир ва (Қиёмат) соатида шубҳа йўқдир», дейилса, «Қиёмат соати нима эканини билмасмиз. Биз фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонгувчи эмасмиз, дедингиз», (дейилур). (Энди ҳолингизга нима бўлди? Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканми? Қиёмат соати қоим бўлар эканми? У ҳақидаги гапларингиз гумондан бошқа гап эмаслигини билдингизми?)

Ўзбек

Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, соат(нинг, яъни Қиёматнинг юз бериши)га шак-шубҳа йўқдир», дейилганда, «Соат нималигини билмаймиз, биз фақат гумон қиламиз, холос, биз аниқ ишонгувчилар эмасмиз», дедингиз.

وَبَدَا لَهُمْ سَيِّـَٔاتُ مَا عَمِلُوا۟ وَحَاقَ بِهِم مَّا كَانُوا۟ بِهِۦ يَسْتَهْزِءُونَ ﴿33﴾

Ва уларга қилган амалларининг ёмонликлари ўзларига аён бўлди ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди. Уларга куфр ва исёнлари учун бериладиган жазо аниқ кўринди ва ўзларича, охират азоби ҳам бўлармиди, деб истеҳзо қилиб юрган азоб уларни ўраб олди.

Ўзбек

Уларга қилиб ўтган ёмонликлари аён бўлиб, уларни ўзлари масхара қилган нарса қамраб олди.

وَقِيلَ ٱلْيَوْمَ نَنسَىٰكُمْ كَمَا نَسِيتُمْ لِقَآءَ يَوْمِكُمْ هَٰذَا وَمَأْوَىٰكُمُ ٱلنَّارُ وَمَا لَكُم مِّن نَّٰصِرِينَ ﴿34﴾

«Бугунги кунда худди сиз ушбу кунингизга рўбарў бўлишни унутганингиздек, Биз ҳам сизни унутурмиз. Жойингиз жаҳаннамдир ва сизларга ҳеч ёрдамчилар йўқ.

Ўзбек

Айтилди: «Шу кунги учрашувни унутганингиздек, Биз ҳам сизларни бугун (дўзахда) қолдирамиз. Энди жойингиз дўзахдир ва сизлар учун ҳеч қандай мададкорлар йўқ».

ذَٰلِكُم بِأَنَّكُمُ ٱتَّخَذْتُمْ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ هُزُوًۭا وَغَرَّتْكُمُ ٱلْحَيَوٰةُ ٱلدُّنْيَا ۚ فَٱلْيَوْمَ لَا يُخْرَجُونَ مِنْهَا وَلَا هُمْ يُسْتَعْتَبُونَ ﴿35﴾

Бундай бўлишингиз, албатта, сизнинг Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олганингиз ва сизни дунё ҳаёти ғурурга кетказгани учундир», дейилди. Бас, бугунги кунда улар у(жаҳаннам)дан чиқарилмаслар ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар. Жаҳанам азобида қийналиб турган кофиру осийларга айтиладиган бу гаплар, улар учун жуда ҳам оғир маънавий азоб бўлади. Яъни, сиз ёруғ дунёда қиёмат кунига рўбарў бўлишни қандай унутган бўлсангиз, биз ҳам сизни шундай унутамиз. Яъни, сизга раҳм қилишни унутамиз.

Ўзбек

Бунга сабаб сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олдинглар ва сизларни дунё ҳаёти алдаб қўйди. Бас, бугун ундан чиқарилмайдилар ва улардан қайтиш ҳам талаб қилинмас.

فَلِلَّهِ ٱلْحَمْدُ رَبِّ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَرَبِّ ٱلْأَرْضِ رَبِّ ٱلْعَٰلَمِينَ ﴿36﴾

Бас, барча ҳамд осмонларнинг Роббига, ернинг Роббига ва оламларнинг Роббигадир.

Ўзбек

Бас, ҳамд самолар Парвардигори, замин Парвардигори, оламлар Парвардигори - Аллоҳникидир.

وَلَهُ ٱلْكِبْرِيَآءُ فِى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ ۖ وَهُوَ ٱلْعَزِيزُ ٱلْحَكِيمُ ﴿37﴾

Осмонлару ердаги улуғлик Уникидир. У зот азизу ҳакимдир.

Ўзбек

Осмонлару ердаги буюклик ёлғиз Уникидир. У Азиз ва Ҳаким Зотдир.